Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда. Ушбу ишларга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурати туғилмоқда.

Шу мақсадларда, алоҳида таърифлаш жойизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.06.2020 йилдаги ПФ-6013-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Жумладан, мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилган. Жорий йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасидан Қўмита раиси ўринбосари Ф. Карабаев иштирок этди.

 

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги
ПФ-5729-сонли Фармони
ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 5 июлдаги 68-П-сонли буйруғи билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги масалалар Қўмитанинг Монополияга қарши комплаенс тизими жорий этиш бошқармасига юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сонли Фармони, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси топшириғига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2020 йил 30 январдаги 13-П-сонли буйруғига асосан Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2020 йилга мўлжалланган Чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Чора-тадбирлар режасида коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий ва ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, аҳлоқий қоидаларга риоя қилиш ва манфаатлар тўқнашувларини хал қилиш чоралари, шунингдек коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтириш масалалари кўзда тутилган.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича “ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилган ва низоми тасдиқланган. Ушбу низомда “Жисмоний ва юридик шаҳсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ аризаларни қабул қилиш, Қўмита тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар кўриб чиқиш тартиби белгиланган. Қўмитада коррупцияга қарши курашишга оид аноним шикоятлар учун алохида электрон почта яратилиб, ўз фаолиятини белгиланган тартибда олиб бормоқда. Шу билан бирга, “ишонч телефони” ва аноним мурожатлар учун электрон почта манзили Қўмитанинг расмий сайтида, Facebook даги расмий саҳифасида ва Telegram каналида жойлаштирилган.

Шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳар ойнинг 5 ва 25 саналарида Бош прокуратура ва Адлия вазирлигига Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳисоботи юборилмоқда.

 

Коррупция ҳолатларини олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай хизматларни рақамлаштириш, уларни “ягона дарча” тамойили асосида бериш ва давлат хизматлари марказларига ўтказиш масаласи бўйича “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18 моддасидаги хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишга, қўшиб олишга доир ҳаракатларни амалга оширишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар тузишда шахслар ёки шахслар гуруҳлари бу ҳаракатлар содир этилгунига (битимлар тузилгунига) қадар  олдиндан розилик  олиш тартиби Давлат хизматлари марказларига ўтказилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 28 май 2020 йилдаги 338-сонли қарори тасдиқланган.

Юқоридаги  Вазирлар Маҳкамасининг қарори давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматларининг рўйхатини кенгайтириш ва сифатини ошириш, тегишли ахборот ресурсларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, монополияга қарши органнинг шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир битимларни тузиш учун олдиндан розилигини олишни соддалаштириш ва ошкоралигини таъминлаш, ҳўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир битимларни тузиш учун олдиндан розилик бериш бўйича монополияга қарши органга келиб тушадиган мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш имконини яратади.

 

Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси топшириғига асосан, Қўмита томонидан ишлаб чиқилаётган қонун ва меъёрий хужжатлар лойихалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш учун мунтазам равишда Адлия Вазирлигига юборилмоқда.

Шунингдек, Қўмита фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини ва жамоатчилик муҳокамасини таъминлаш мақсадида Қўмита томонидан ишлаб чиқилаётган хар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар www.regulation.gov.uz порталига жойлаштирилмоқда.