Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда. Ушбу ишларга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурати туғилмоқда.

Шу мақсадларда, алоҳида таърифлаш жойизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилган.

Бугунги кунда, “Ҳаракатлар стратегияси”, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли Фармони, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда дастурий ҳужжатларидаги ўзаро муштарак мақсад ва вазифаларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Мeморандум имзоланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Қўмитанинг 2019 йил 5 июлдаги 68-П-сонли буйруғи қабул қилинган ва унга асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси тизимида “Коррупцияга қарши курашиш ички комиссияси” тузилган ва унинг ишчи органи этиб Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш бошқармаси белгиланган.

Шу билан бирга, юқорида келтирилган Фармоннинг 5 бандига асосан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси билан келишилган ҳолда Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳар йилги идоравий дастури ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сонли Фармони, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси топшириғига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2020 йил 30 январдаги 13-П-сонли буйруғига асосан Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2020 йилга мўлжалланган Чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Чора-тадбирлар режасида коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий ва ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, аҳлоқий қоидаларга риоя қилиш ва манфаатлар тўқнашувларини хал қилиш чоралари, шунингдек коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтириш масалалари кўзда тутилган.

Шунингдек, Қўмитанинг 2019 йил 30 августдаги  96-П-сонли буйруғи билан Қўмита тизимида коррупция хавфига энг кўп мойил бўлган фаолият йўналишлари ва лавозимлари рўйхати шакллантирилган ва тасдиқланган. Шунингдек, мазкур буйруқ билан Қўмитада хизмат вазифаларини бажаришда ходимларнинг манфаатлар тўқнашуви ва уларни ҳал килиш масалаларини лозим даражада тартибга солиш ички назорат механизмларини кучайтириш ҳамда ходимларнинг одоб-ахлоқ қоида чегаралирини белгилаб бериш мақсадида, Қўмита тизимида коррупция ва пораҳўрликка қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Ўз навбатида, ҳуқуқбузарликлар ва уларга шароит яратувчи омиллар ҳақидаги ҳабарлар, коррупцияга оид хуқуқбузарликларни аниқлаш ва ўз вақтида олдини олиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича “ишонч телефони” (71-207-49-00) фаолияти йўлга қўйилган ва низоми тасдиқланган. Ушбу низомда “Жисмоний ва юридик шаҳсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ аризаларни қабул қилиш, Қўмита тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар кўриб чиқиш тартиби белгиланган. Қўмитада коррупцияга қарши курашишга оид аноним шикоятлар учун алохида электрон почта (acc@antimon.gov.uz) яратилиб, ўз фаолиятини белгиланган тартибда олиб бормоқда. Шу билан бирга, Қўмитанинг “Facebook”даги расмий саҳифасида ва “Telegram” (@AntimonUz) каналида коррупцияга қарши курашишга оид материаллар жойлаштириб борилади.

Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси топшириғига асосан, Қўмита томонидан ишлаб чиқилаётган қонун ва меъёрий хужжатлар лойихалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш учун мунтазам равишда Адлия Вазирлигига юборилмоқда.

Шунингдек, Қўмита фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини ва жамоатчилик муҳокамасини таъминлаш мақсадида Қўмита томонидан ишлаб чиқилаётган хар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар www.regulation.gov.uz порталига жойлаштирилмоқда.