1. Монополияга қарши курашиш қўмитасида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 13-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида Қўмитанинг 2022 йилнинг 28-мартидаги 44-ИЧ буйруғи қабул қилинди. Ушбу буйруқ билан Қўмита ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъекти, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари иштирокида Маслаҳат кенгаши тузилди. Шунингдек Маслаҳат кенгашининг таркиби, унинг Низоми ҳамда 2022 йилда амалга оширадиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
2. Монополияга қарши курашиш қўмитасида Жорий йилнинг 28-апрель куни маслаҳат кенгашининг биринчи йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Қўмита раисининг биринчи ўринбосари – Маслаҳат кенгаши раиси А.Қаюмов олиб борди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйик ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Конунларининг мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида, Қўмита ва Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, яъни гендер статистикасини юритиш, жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик, хотин-қизлар ва эркакларнинг давлат томонидан кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эгалиги, хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатини муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш ва бошқа ҳолатлар тўғрисида фикрлар алмашинди ва кенгаш аъзоларига керакли топшириқ ва тавсиялар берилди.
3. Монополияга қарши курашиш қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7-мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасининг 63-бандида белгиланган ҳар бир давлат органи ва ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимларнинг, биринчи навбатда хотин-қизларнинг “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида мамлакатимиздаги сўлим гўшалар, дам олиш масканлари ва тарихий шаҳарларга саёҳатларини ташкил этилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 21-22-май кунлари Қўмита тизимидаги ходимларнинг, биринчи навбатда хотин-қизлар бир гуруҳини Наманган шаҳрида ўтказиладиган гул байрамида иштирок этиши ва “AXSIKENT” очиқ осмон остидаги музейга саёҳати ташкиллаштирилди.