Қўмита томонидан 2021 йил I-ярим йилликда амалга оширилган ишлар юзасидан қисқача маълумот.

Янги институционал ва таркибий ўзгартириш механизмларини жорий этиш ҳамда қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича, 2021 йилнинг январ-май ойлари давомида Қўмита томонидан 14 та (2 та ПФ, 2 та ПҚ, 6 та ВМҚ, 4 та Қўмита қарори) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланган. Шундан, 4 та ҳужжат қабул қилинган, 3 таси қабул қилиш учун Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган, 3 таси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилган ва 4 та ҳужжат тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда. Бунда асосан қуйидаги долзарб масалалар бўйича Қонун лойиҳалари тайёрланиб муҳокама қилинмоқда:

Рақобат муҳитини баҳолаш ва ривожланишига кўмаклашиш бўйича:

– Товар ва молия бозорларида рақобат ҳолати таҳлили юзасидан 10 дан ортиқ  товар ва молия бозорларида ўрганишлар ўтказилган. Шу жумладан, авиабилет нархлари бўйича “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан маҳаллий йўналишлар учун белгиланган нархлар, хорижий давлатларнинг ички йўналишлари бўйича масофа ва вақт жиҳатидан ўхшаш бўлган қатновлар учун белгиланган нархлар билан солиштирилганда миллий авиакомпания нархлари хорижий авиакомпанияларининг нархларидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқорилиги маълум бўлди. Шу билан бирга, 4 та хўжалик юритувчи субъект 3 та товар ва хизматлар бўйича давлат реестрига киритилган.

–  Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар юзасидан.(Давлат реестри)

Бугунги кунда, давлат реестрига 94 та хўжалик юритувчи субъектлар 106 та товар ва хизматлар кўрсатиш бўйича киритилган. Шу билан бирга, 4 та товар ва хизматлар бўйича давлат реестрига киритилган 5 та (шундан, 3 таси шаҳслар гурухидан) хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестридан чиқарилган.

Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестридаги 93 та хўжалик юритувчи субъектларнинг 85,2 фоизида давлат иштироки мавжуд.

Монополияга қарши тартибга солиш бўйича:

– Устун мавқени суистеъмол қилиш ва тил бириктиришлар ҳолатлари

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан пахта ёғи нархлари кескин ошганлиги юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Таҳлил натижаларига кўра, жорий йил апрел ойи давомида биржа савдоларига 40 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан техник чигит савдоларга қўйилганлиги ҳамда қўйилаётган техник чигитнинг бошланғич нархлари апрель ойида ўртача 38 фоизга кўтарилганлиги аниқланган.

Бунда, биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерларига нисбатан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан  иш қўзғатилиб, натижада пахта ёғи нархини туширишга эришилди..

– Монопол ташкилотлар томонидан монопол юқори ёки монопол паст нархлар қўлланилиши ва тадбиркорлик субъектларидан асоссиз олинган даромад тавсифи ҳамда монопол юқори нархларни тушириш бўйича амалга оширилган ишлар

Қўмита томонидан 2021 йил 15 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя этилиши юзасидан тегишли соҳада ўрганишлар ўтказилиб, бунинг натижасида 94 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан  жами 464 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, 94 та хўжалик юритувчи субъектга нисбатан иш қўзғатилган ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича муддатли кўрсатмалар берилган.

– Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополияга қарши қонунчилик талабларини бузилиши оқибатида аниқланган асоссиз даромадлар бўйича

Қўмита ва ҳудудий бошқармалар томонидан 38 520,0 млн.сўм истеъмолчилар ҳисобидан ортиқча олинган даромад суммаси аниқланган. Ҳисобот даврида ундиришга қўйилган маблағдан жами 17 445,2 млн.сўм маблағ 16 456 нафар истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Табиий монополия субъектларини тартибга солиш бўйича:

– Қўмитага келиб тушган мурожаатлар юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича жами 263 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, жами 5,6 млрд.сўм маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинган.

– Табиий монополиялар субъектларининг Давлат реестри бўйича жами 129 та хўжалик юритувчи субъектлар 11 та хизмат турлари бўйича қайд этилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан корхоналар сони 2 тага камайган.

Иқтисодий концентрацияси устудан назорат бўйича, Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларига хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш юзасидан жами 62 та мурожаат келиб тушган. Келиб тушган барча мурожаатлар чуқур таҳлил қилиниб, Қўмита томонидан жами 709 млрд.сўмлик битимларга олдиндан розилик берилган, шундан 64 фоизи, яъни, 451,3 млрд.сўмлик (43 млн. АҚШ долл.) битимлар хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

Ноҳалол рақобат ҳолатларини олдини олиш бўйича жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қўмитага ва худудий бошқармаларга  интеллектуал мулк соҳасидаги нохалол рақобат ҳолатлари бўйича жами 129 та мурожаатлар қуйидагича ижро қилинган, жумладан, 43 та мурожаат бўйича иш қўзғатилган, 14 та мурожаат бўйича иш қўзғатиш рад этилган, 7 та ишни кўриб чиқиш тугатилди, 46 та мурожаат буйича сўров ва тушунтириш хатлари юборилган, 4 та кўрсатма ижро этилмаган, 4 та мурожаат бўйича шикоят аризалари кўриб чиқилган, 11 та мурожаат бўйича кўриб чиқиш давом этмоқда.

Давлат харидлари ва бошқа савдоларда рақобатни таъминлаш бўйича Қўмита ва ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан жами 8100 та тендер (танлов) савдолари натижалари юзасидан ўрганиш ўтказилган. Ўрганишлар натижасида 4100 та ҳолатда камчиликлар аниқланган ҳамда тегишли тартибда таъсирий чоралар кўрилган.

                                                                                                                                                                  Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати