Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир ҳаракатларни амалга оширишга ҳамда шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш
ТАРТИБИ

Ушбу соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар:

  • Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни (16-18 моддалар)
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 230-сон қарори (5-илова)
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 декабрдаги “Монополияга қарши курашни тартибга солиш соҳасидаги рухсат бериш
    тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 344-сон қарори

Тақдим қилинадиган ҳужжатлар: Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишга, қўшиб олишга доир ҳаракатларни амалга оширишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар тузишда шахслар ёки шахслар гуруҳлари бу ҳаракатлар содир этилгунига (битимлар тузилгунига) қадар Давлат хизматлари марказларига:

  • ҳаракатларни содир этишга (битимлар тузишга) олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани;
  • жисмоний шахс учун — аризачининг паспортига оид маълумотларни (ҳужжатнинг серияси ва рақами, берилган санаси ва жойи, ҳужжатни берган орган);
  • аризачи ариза берган кундан олдинги икки йил мобайнида ёхуд агар фаолият икки йилдан камроқ муддатни ташкил этса, фаолият амалга оширилган муддат мобайнида олиб борган фаолият турлари, ишлаб чиқарган ва реализация қилган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни;
  • ўтган икки календарь йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботини;
  • шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисидаги, бу шахсларнинг ушбу гуруҳга кириш асослари кўрсатилган маълумотларни ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича кўриб чиқилаётган битимларга тааллуқли бошқа ахборотни;
  • йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.

Аризани кўриб чиқиш муддати: тегишли ҳужжатлар қабул қилинган кундан 10 календарь куни ичида. Агар монополияга қарши органда ҳаракат (битим) товар ёки молия бозорида устун мавқенинг вужудга келиши ёхуд кучайиши орқали рақобатнинг чекланишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин деб тахмин қилиш учун асослар пайдо бўлса, аризани кўриб чиқиш муддати бозорни тегишли тарзда ўрганиш учун бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Йиғим: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги ПҚ-4126-сон қарорининг 5-бандига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (2,23 млн. сўм) йиғим ундирилади.

 

Қайси ҳолатларда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги талаб этилади?

Шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар:

Қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилигини олиш зарур бўлади, агар:

  • бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса;
  • битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса. (“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддаси)

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битим:

Агар тегишли битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимлар учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур. (“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддаси)

 

Агар сизда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш тартиби юзасидан саволларинигиз бўлса, унда тегишли тушунтириш олиш учун Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Товар, молия ва рақамли бозорларда бозор концентрациясини назорат қилиш бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин.

Мурожаат учун телефон: 71-207-47-00 (ички рақами: 249, 250 ёки 251)