Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш шунингдек хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш

ТАРТИБИ

Ушбу соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар:

  1. Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни
    (16-18 моддалар);
  2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.02.2022 йилдаги “Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги
    86-сон қарори (билан тасдиқланган Низомга 12 ва 13-иловалар).

Мурожаат қилиш тартиби:

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишга, қўшиб олишга доир ҳаракатларни амалга оширишда шунингдек устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар тузишда шахслар ёки шахслар гуруҳлари бу ҳаракатлар содир этилгунига (битимлар тузилгунига) қадар “Лицензия” ахборот тизими ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёхуд Давлат хизматлари маркази орқали онлайн тартибида мурожаат қилади.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

  1. Ариза. Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

– талабгор — акцияни (улушни) олувчи жисмоний шахс учун — Ф.И.О., ЖШ ШИР, телефон рақами, электрон почта манзили ва ўзининг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида маълумот.

– талабгор — акцияни (улушни) олувчи, қўшиб олиш битимида иштирок этувчи юридик шахслар учун — номи, СТИР, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва жойи, хизмат кўрсатувчи банкнинг номи ва ҳисобварағи, телефон рақами, электрон почта манзили, муассислари (катнашчилари) таркиби ва уларнинг жамият устав фондидаги улушлари миқдори ҳақидаги қуйидаги маълумот.

  1. Талабгорнинг ариза берган кундан олдинги икки йил мобайнида ёхуд агар фаолият икки йилдан камроқ муддатни ташкил этса, фаолият амалга оширилган муддат мобайнида олиб борган фаолият турлари, ишлаб чиқарган ва реализация қилган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар;
  2. Ўтган икки календарь йилга доир молиявий (1 ва 2-шакл) ва статистика ҳисоботи;
  3. Шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисида, бу шахсларнинг гуруҳга кириш асослари кўрсатилган маълумотлар.

 

Аризани кўриб чиқиш муддати:

8 иш куни. Битим рақобатни, шу жумладан, товар ёки молия бозорида устун мавқени пайдо қилиш ёхуд кучайтириш воситасида чеклашга олиб келишига ёки олиб келиши мумкинлигига асослар пайдо бўлган тақдирда, ваколатли орган аниқланган асосларни аниқ кўрсатган ҳолда хабарнома юбориш орқали аризани кўриб чиқиш муддатини кўпи билан бир ойга узайтириши мумкин.

Мурожаатни кўриб чиқиб, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун ундириладиган йиғим:

  1. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори- базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баравари;
  2. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун ундириладиган йиғим миқдори: битим тарафларининг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда — активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин БҲМнинг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда.

Қайси ҳолатларда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги талаб этилади?

Шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар:

Қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилигини олиш зарур бўлади, агар:

  • бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса;
  • битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса. (“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг
    17-моддаси).

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битим:

Агар тегишли битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимлар учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур. (“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддаси).

Агар сизда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш тартиби юзасидан саволларинигиз бўлса, унда тегишли тушунтириш олиш учун Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Монополияларни тартибга солиш ва бозор концентрацияси устидан назорат қилиш бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин.

Мурожаат учун телефон: 71-207-47-00 (ички рақами: 270, 271, 272)